Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда

Янгиликлар

Устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди

Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари марказида устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди 2026 йил 17–18 июнь кунлари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари марказида “Устун мавқени суиистеъмол қилиш/Бир томонлама хатти-ҳаракатлар: тергов қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти. Германия тажрибаси ҳамда уни Ўзбекистонда жорий этиш ва қўллаш масалалари” мавзусида халқаро амалий семинар бўлиб ўтди. Семинар Германиянинг Спаркассенстифтунг халқаро ҳамкорлик жамғармаси (Герман Спаркассенстифтунг) ҳамда Германия Федерал картель идораси (Бундескартелламт) билан ҳамкорликда ташкил этилди.Семинарни кириш сўзлари билан Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази директори Олимжон Жумаев, Герман Спаркассенстифтунг жамғармасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши раҳбари Лия Граубергер ҳамда Германия Федерал картель идораси вакили доктор Феликс Энгелсинг очиб берди. Икки кун давом этган семинар давомида иштирокчилар Германияда устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича ишларни тергов қилиш амалиёти билан танишдилар, чакана савдо, рақамли платформалар ва инновацион бозорлар соҳасидаги реал мисолларни кўриб чиқдилар, шунингдек, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилишларини аниқлашда далилларни йиғиш ва иқтисодий таҳлил ўтказишнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилдилар. Семинарда амалий машғулотларга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг доирасида иштирокчилар ахборот сўровларини тайёрлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг бозор хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиш ҳамда рақобат қонунчилиги бузилиши бўйича қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўникмаларини мустаҳкамладилар. Мазкур семинар илғор халқаро тажриба алмашиш, Қўмита ходимларининг касбий салоҳиятини янада ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Германия рақобат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

19 Июнь 2026 7250

Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази директори О.Жумаев Тулуза шаҳри мэри ўринбосари ва Тулуза метрополияси вице-президенти Максим Бойер билан учрашув ўтказди

Мулоқот давомида рақобат сиёсати, эконометрик моделлаштириш, сунъий интеллект технологиялари, иқтисодий тадқиқотлар ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.Таъкидлаш жоизки, мазкур учрашув Марказ директорининг Тулузага аввалги ташрифи давомида бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, унда томонлар Тулуза иқтисодиёт мактаби билан ҳамкорлик имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар.Учрашув якунида Тулуза иқтисодиёт мактаби экспертлари билан ҳамкорликда рақобат сиёсати соҳасида қўшма тадқиқотларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Тулуза Иқтисодиёт мактаби иқтисодиёт ва давлат сиёсати соҳасида дунё миқёсидаги етакчи илмий-тадқиқот ва таълим марказларидан бири ҳисобланади. Ушбу олийгоҳ Франциянинг энг яхши университетлари TOП-3 талигига киради ва иқтисодий фанлар бўйича дунёдаги энг самарали илмий марказлар орасида 10 ўринни эгаллайди.

18 Июнь 2026 5798

Кимё саноатида ички бозор имкониятлари таҳлил қилинди

Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан кимё саноатида ички бозорнинг маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси таҳлил қилинди.Таҳлилларга кўра, 2024 йилда кимё саноатида 1 883 та маҳаллий корхона томонидан 385 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шу билан бирга, ички бозорда юқори қўшимча қийматли айрим кимёвий маҳсулотлар бўйича импортга боғлиқлик сақланиб қолмоқда.2024 йилда 92 та мамлакатдан 3,5 млрд долларлик кимё саноати маҳсулотлари импорт қилинган. Импортнинг асосий қисми фармацевтика, косметика, органик кимёвий бирикмалар, пигментлар ва бошқа саноат хомашёлари ҳиссасига тўғри келади. Ўрганишлар 100 дан ортиқ кимё саноати товарлари бўйича ички бозор маҳаллий маҳсулотлар билан етарли даражада тўйинмаганини кўрсатди. Батафсил маълумот:Таҳлилларга кўра, мазкур йўналишларда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи лойиҳаларни кўпайтириш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар улушини ошириш учун катта имкониятлар мавжуд.Шу билан биргаликда, қўшимча маҳсулотлар бўйича таҳлил ўтказиш ва улар тўғрисида маълумотларни олишни истасангиз Рақобат қўмитасига мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз.

18 Июнь 2026 5291
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech