Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ҳамда Халқаро Вестминстер Университети ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Қўмита ходимлари учун «Илмий тадқиқот методлари ва эконометрик таҳлил» мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарнинг асосий мақсади ходимларни замонавий илмий тадқиқот методологиясининг янгича ёндашувлари билан таништириш, иқтисодий таҳлил ва бозор мониторингида қўлланиладиган эконометрик усуллар бўйича амалий билим ва кўникмаларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Амалий машғулотлар давомида иштирокчилар таъсир кучини баҳолаш, миқдорий ва сифатли тадқиқот усуллари, тадқиқот натижаларини таҳлилий хулосаларга айлантириш ҳамда уларни қарор қабул қилиш жараёнида қўллаш бўйича тушунчаларга эга бўлдилар.
Ушбу амалий семинар ходимларнинг таҳлилий фикрлашини ривожлантириш, илмий асосланган ёндашувларни амалиётга жорий этиш ҳамда рақобат сиёсати соҳасида қабул қилинаётган қарорлар сифатини оширишга хизмат қилади.